Бу ҳақида Тошкент вилоятининг “Оҳангарон ГЭС” УКсида ўтказилган семинарда сўз борди.
Бугун сув хўжалиги тизимида гидротехника иншоотларини хавфсизлигини таъминлаш, улардан фойдаланишда техника қоидаларига риоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев Тошкент сув омборида бўлган йиғилишлардан бирида таъкидлаб ўтганидек, бугун гидротехника иншоотларини хавфсизлиги ва уларни ишончли ишлаши малакали қадрларга боғлиқдир. Семинар “Сувхўжаликназорат” инспекцияси Тошкент вилояти бошқармаси томонидан уюштирилди. Унда инспекция бош мутахассиси Мусо Менлибаев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг 2023-йил 30-августдаги “Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти бўйича корхона ишчи-ходимлари ҳамда пудрат ташкилот вакилларига маълумот берди.
Бўлиб ўтган семинарда янги қонуннинг устувор йўналишлари, унга биноан гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш, мазкур соҳада фаолият олиб бораётган корхона ва ташкилотлар ҳамда уларнинг ишчи-ходимлари масъулиятини ошириш ҳақида сўз борди.
Йиғилиш давомида шунингдек, сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш, унинг ҳисобини юритиш, гидротехника иншоотлари, уларнинг назорат-ўлчов қурилмаларидан самарали фойдаланиш бўйича керакли маслаҳатлар берилди. Семинар якунида ишчи-ходимлар соҳага тааллуқли бўлган ва ўзларини қизиқтириб келаётган саволлар юзасидан инспекция мутахассисидан батафсил жавоблар олишди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати