Тошкент вилояти Оққўрғон тумани хокимияти биносида сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган семинар ташкил этилди. Унда Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳисобчиси Б.Раимжонов, давлат хусусий шериклик бўлими бошлиғи Д.Сулаймонов ва Оққўрғон туман ирригация бўлими мутахассислари иштирок этишди.
Семинарни Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бўлим бошлиғи Д.Сулаймонов олиб борди. У ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг аҳамияти, сув хўжалигида давлат-хусусий шерикликни жорий этишдан кўзланган мақсад ҳамда шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар бўйича тўхталар экан, ҳавза бошқармасининг бир қатор туман ирригация бўлимларида давлат –хусусий шериклик самарали натижа бераётганини таъкидлади.
– Бу тизим ҳар томонлама қулай ва ишончли эканлиги ўз тасдиғини топди, – дейди ҳавза бошқармаси бўлими бошлиғи Дилшод Сулаймонов. – Чунончи, Қуйи Чирчиқ туманидаги ирригация ва мелиорация объектларига туманидаги “ТСТ агро кластер” корхонаси томонидан ажратилган 1289,1 млн сўм эвазига мелиорация объектлари таъмирдан чиқарилган бўлса, Бўстонлиқ туманидаги “Сойлиқ-1”. “Сойлиқ-2” ҳамда Хондайлиқ насос станциялари Бўстонлиқ картошкачилик маркази билан ҳамкорлик туфайли насос агрегатлари янгиланди. Бундай мисолларни Янги йўл, Бекобод туманларида ҳам кузатиш мумкин. Жумладан Бекобод туманидаги 10-02-60 сонли суғориш қудуғи “Бурхон агро файз” фермер хўжалиги ёрдами билан қазилди. Бугунги кунда давлат-хусусий шериклик асосидаги ҳамкорлик алоқлари тобора кенгайиб бормоқда.
Семинарда сув хўжалигида давлат-хусусий шерикликни жорий этиш мақсади ва ДХШ нинг асосий тушунчалари ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотлар берилди.
Йиғилиш давомида мавзуга боғлиқ берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати