Шимолий Тошкент канали республикалараро ирригация тизими бўлиб, Тошкент вилоятининг Янгийўл, Чиноз туманлари ҳамда қўшни Қозоғистон Республикасининг жанубий ҳудудларини сув билан таъминлаб келади. Ушбу сув тармоғи иккинчи жаҳон уруш йилларида қазилган. Бугун сувга талаб ортиб бораётган бир паллада канал сувидан самарали фойдаланиш давр тақазосига айланди.
Каналнинг салкам 20 км масофадаги қисми Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилоятидан оқиб ўтади. Хўш, каналнинг бу қисмида аҳвол қандай, қўшниларимиз сувдан қандай фойдаланишмоқда? Тошкент вилояти Бўзсув ирригация тизими бошқармаси Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилоят сув хўжалиги бошқармаси билан ҳамкорликда ЭСТКА каналининг ушбу қисми фаолияти билан танишиб чиқди. Унда Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Сардор Алимбеков, Бўзсув ИТБ бошлиғи Рустам Фозилжонов, бошқарма бошлиқ ўринбосари Жавоҳир Мамаджонов ҳамда Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи Садирбек Жакашбоев раҳбарлигидаги бир гуруҳ мутахассислар иштирок этди.
Учрашувда республикалараро каналдан фойдаланиш, гидротехник иншоотларнинг яроқлиги, тизимнинг техник параметри ҳамда ноқонуний қурилмалар ўрганиб чиқилди.
- Канал фаолияти ўзаро ҳамкорликка таянади, - дейди Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ бошлиғи биринчи ўринбосари Сарбор Алимбеков. -Икки кунлик ташриф давомида канал сувидан самарали фойдаланиш, суғориш мавсумида сувни тўғри тақсимлаш бўйича музокаралар олиб борилди. Канални ўрганиш давомида 30 дан ортиқ ноқонуний насос ҳамда 10 га яқин қулоқлар (сув тақсимлаш) аниқланди.
Ташриф давомида вилоят сув хўжалиги ташкилот раҳбарлари, сув истеъмолчилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар ЭСТКА сувидан унимли фойдаланиш зарурлиги, бу азалдан икки халқни бирлаштириб келган канал эканлигини таъкидлашди. Гидротехник иншоотларни таъмирлаш, ноқонуний қурилмаларга чек қўйиш бўйича фикр алмашилди. Йиғилишда ЭСТКА каналидан фойдаланишда ўзаро ҳамкорликни янада ошириш ва сувдан тежаб фойдаланишга келишиб олинди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати