Сув хўжалиги тизимида махсус хизмат ташкил этилганига бир йилдан ошди. Сувни тежаш ва унинг ҳисобини юритишда бу хизмат жуда самарали эканлиги ўз исботини топди.
Туман ирригация бўлимлари қошида тузилган махсус хизмат давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 1 мартда эълон қилинган “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Хўш ушбу тизим бугун Тошкент вилоятида қандай фаолият кўрсатяпти? Қандай муаммолар бор? Сувчиларни нима қийнаяпти?
Бугун Тошкент вилоятининг Бўка туман ирригация бўлимида бўлиб ўтган семинар махсус хизмат фаолиятига бағишланди.
Семинарда Сув хўжалиги вазирлиги вакиллари, Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ ҳамда туман ирригация бўлимлари мутахассислари иштирок этди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, Бўка туманида 2022-2023 йилларда 637 та сув истеъмолчиларига лимт асосида сув теказиб берилди. Мавжуд 156 дона гидротехник иншоотларида таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилди. Истеъмолчиларга кўрсатилган хизмат учун тўланадиган маблағни амалдаги тартибда ундиришга эришилган. Бир сўз билан айтганда махсус хизмат олдига қўйилган барча талаблар бажарилган. Лекин бундай натижаларни вилоятнинг бошқа туманларида ҳам бор деб бўлмайди.
– Бўка ИТБ махсус хизмати барча туманлар учун намуна, дейди ҳавза башқармаси биринчи ўринбосари Сардор Алимбеков. Афсуски, айрим туманларда хали ҳам махсус хизмат тўла шакллантирилмаган. Ҳужжатларни расмийлаштириш, шартнома олди берди ҳужжатларида камчилик бор.Энг муҳими сув истеъмолчилари ўртасида қарздорлик мавжуд.
Семинарда вилоятнинг Оққўрғон, Чиноз, Юқори Чирчиқ туманларида махсус хизмат хали тўла шаклланмаганлиги таъкидланди.
– Махсус хизмат бизга бегона эмас, аслида у бизнинг бир бўлагимиздир, дейди вазирлик вакили Туроб Қаюмов. – Тасаввур қилинг, агар тизим тўла ишга тушиб кетса, сувчининг ҳам сувнинг ҳам қадри ошади. Бунга эса фермер ўртасида шартнома тузиш, олди берди журналини юритишни йўлга қўйиш орқалигина эришиш мумкин.
Семинрда махсус хизмат фаолияти бўйича муаммолар ўрганилиб чиқилди, бу борада таклиф ва мулоҳазалар берилди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати