Хитойлик донишмадлардан бири “Кўчат экиш учун энг яхши пайт йигирма йил олдин ўтиб кетган. Кейинги яхши пайт — ҳозир” деган эди. Аслида кўчат экиб боғ яратиш вақт танланмайди, қанча эрта бўлса шунча фойда. Давлатимиз раҳбари «Яшил макон» кузги мавсумини самарали ташкил этиш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида кузги кўчат экиш мавсусмини эълон қилди. Унга кўра мамлакатимизда 25 октябрдан 1 декабргача кузги дарахт экиш мавсуми доирасида 85 млн туп кўчат экиш режалаштирилмоқда.
Президентимиз ташаббуси бошланган «Яшил макон» лойиҳасида доирасида кўчат экиш бугун чин маънода умуммиллий халқ ҳаракатига айланди. Бир пайтлари ташландиқ бўлган жойлар бугун яшил ҳудудларга бурканди.
Биз қадаган кўчатлар бўй чўзибди
Куни кеча сафардан қайта туриб, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги Тошкент магистрал канали бўйларига бундан уч йил олдин экилган теракларга кўзим тушди, ниҳоллар дарахт тусига кириб анча бўй кўрсатиб дарахтзорга айланибди. Кўрган кўзни қувонтиради. Машинада бирга кетаётган ҳамроҳларимга бу теракларни “биз экканимиз” деб мақтандим. Канал ёқасидаги бу ерлар бир пайтлари қурилиш бетонлари билан қоришиб ётган ташландиқ жой эди. Ўшанда эрта баҳор эди. Техникалар ёрдамида атрофни қурилиш чиқиндилардан тозалаб, кўчат экишга киришганимизда айрим йўловчилардан бу ерда дарахт унармикан деган илмоқ гапларни эшитганмиз. Шунда қўлида белкурак билан чуқур қазиётган Анорбой ака мийиғида кулиб, “ Бу юртнинг тупроғига чўп суқсанг дарахт бўлади, фақат уни қаерга экишни ва парвариш қилишни билиш керак” деган эди. Бугун аканинг гаплари чин эканлигига яна бир карра ишон хосил қилдим.
Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг куни кеча йиғилишда бежизга суғориш тизими бўлмаган жойларга кўчат экиш ҳолатлари, дарахт навларини нотўғри танлаш, парвариш қилинмаслик оқибатларида қилинган меҳнат зоя кетаётганлигини таъкидламади.
Кўчат экишнинг ҳам сирлари бор.
Яна бир манзара. Ўрта Чирчиқ туманида Нурафшон шаҳрига кираверишда йўл ёқасида сариқ тусга кирган қарағай ниҳоллари кўзга ташланади. Бундай манзарани бошқа ҳудудлардаги йўл ёқаларида ҳам кузатиш мумкин. Хуллас бизга таниш манзара. Тўғриси кўчатларга қараб кўнглинг ўксийди, жуда нохуш манзара. Бунга кетган маблағ, меҳнатга ачинасан. Нега бунақа бўлди? Ахир кўчатни, яхши ният билан ерга қадашадику?! Бу масалада илми бор мутахассис билан гаплашдим. Унинг фикрича катта йўл ёқаларига қарағай эмас тол ва терак кўчатларини экиш мақсадга мувофиқ экан. Қолаверса йўл ёқаларига кўчатни чуқурроқ экиш лозимлигини таъкидлади. Сўзимизни хитойлик донишмадлар билан бошлаган эдик. Шу халқ билан боғлиқ яна бир маълумот. Хитойда “Arbor day” яъни “Дарахт ўтқазиш куни” ҳар йилнинг 12 март санасида кенг нишонланади. Бу байрам 1981 йилда расмий мақом олган. Бугун “Дарахт ўтқазиш куни” умуммиллий кўнгиллар ҳаракатига айланган. 11 ёшдан 60 ёшгача бўлган ҳар бир фуқаро бир йилда 3–5 та дарахт экиш тавсия қилинади. Агар у ёки бу сабабларга кўра дарахт эка олмаганлар бошқа ишларни, жумладан, дарахтларни парваришлаш керак бўлади. Буни қарангки, шу кунга қадар кўнгиллилар томонидан 55 миллиарддан ортиқ кўчат экилган.Аслида кўчат экиб боғ яратишда бизга тенг келдигани йўқ. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” лойиҳаси орқали биз ҳали юртимизни боғларга буркаймиз. Чунки ота бобомиз боғбон ўтган.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати