Сув танқислиги шароитида экинларни суғоришда эгилувчан сув қувурлардан фойдаланиш жуда яхши самара бермоқда. Бу ҳақида Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги “Сардорбек” фермер хўжалигида бўлиб ўтган амалий семинарда алоҳида тўхталиб ўтилди. Йиғилишда Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар, Бўка туман ҳокимлиги вакиллари ҳамда фермерлар иштирок этди.
Бугунги кунда Тошкент вилоятидаги мавжуд 5600 гектар экин майдонига 28 та комплект эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш йўлга қўйилган.
Семинарда таъкидландики, эгилувчан қувурлардан фойдаланилганда 20 фоизгача сув тежаб қолинади. Ундан ташқари вақт ва меҳнатдан ютилади. Қувурни далага жойлаштириш қисқа муддат ичида кам меҳнат эвазига амалга оширилади.
-Эгилувчан қувурлардан фойдаланиш деҳқонларимиз учун ҳар томонлама қулай ва афзал эканлиги ўз исботини топди, - дейди ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сардор Алимбеков.-Ҳозирги кунда ҳам ғаллада, ҳам пахтачиликда сув тежовчи технологиянинг бу усулини янада кенг жорий этишга эътибор қаратилмоқда.
Амалий семинарда тежамкор технологиянинг яна бир қулай томони, яъни оддий суғориш жараёнида юз бериши мумкин бўлган ғўзани сув босиш ҳолатига барҳам берилиши, ҳар бир туп ғўза зарур миқдордаги сув билан таъминланиши, натижада ҳосил нишоналари юз фоиз сақлаб қолинишига эришиш мумкинлигига алоҳида эътибор қаратилди.
-Тажрибадан аёнки, кўпчилик фермер хўжаликларида сув босди бўлган ғўзалар ҳосил нишоналарини ташлаб юбориши оқибатида ҳосилдорлик камайиб кетиларди,- дейди Бўка туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ҳоким ўринбосари Ўктам Алимов.- Эгилувчан қувурлардан фойдаланилганда эса ана шундай нохуш ҳолатнинг олди олинади.
Тадбирда мутахассислар томонидан бир текис эгат олинган далаларга эгилувчан қувурлар орқали сув тарашнинг афзалликлари, ғўза қатор ораларига бериладиган сув сарфи ва тежаладиган сув миқдори ҳамда ишчи кучи, қолаверса сув тежовчи технологиянинг афзалликлари ва қулайликлари хусусида етакчи мутахассислар томонидан зарур маълумотлар ва тавсиялар берилди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати