Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 июлдаги фармони билан тасдиқланган сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 2020 йилда 5 та, 2025 йилгача 25 та ва 2030 йилгача 50 та лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси белгиланган. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шерикликни жорий этиш, алоҳида сув хўжалиги объектларини фермер, кластер ва бошқа ташкилотларга фойдаланиш учун бериш, тежалган маблағларни сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ҳамда ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантиришга йўналтириш билан боғлиқ чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Тошкент вилояти Оққўрғон тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган семинар шу мавзуга бағишланди.
Унда Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бухгалтери Б.Раимжонов, ДХШ бўлими бошлиғи Д.Сулаймонов,соҳа мутахассислари ва Оққўрғон туман ирригация бўлими бошлиғи ҳамда ишчи ходимлари , кластер, фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этишди.
Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бўлим бошлиғи Д.Сулаймонов ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг аҳамияти, сув хўжалигида давлат-хусусий шерикликни жорий этишдан кўзланган мақсад ҳамда шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берди.
– Жорий йилда “ABC Oqqo‘rg‘on Agro Claster” МЧЖ га Оққўрғон туман ирригация бўлими балансидаги барча сув хўжалиги объектларини ДХШ шартлари асосида топшириш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилди, – дейди ДХШ бўлими бошлиғи Д.Сулаймонов. – Бугун мазкур лойиҳа ҳужжатлари Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этилган.
Семинар давомида фермер хўжалиги раҳбарлари томонидан мавзуга боғлиқ берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати