2030 йилга бориб юртимизда сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилинаяпти. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Йиғилишда йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилиши таъкидланди. Сувни тежашда энг мухим вазифалардан бири бу канал ва ариқларни бетонлаштиришдир.
Тошкент вилоятининг Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги барча туман ирригация бўлимларида сув исрофини олдини олишга бағишланган семинарлар ташкил этилиб, 2024 йил вегетация мавсумига қадар ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилмоқда.
Ана шундай йиғилишлар вилоятнинг Бўка, Ўрта Чирчиқ ҳамда Пискент туманларида бўлиб ўтди. Унда туман ирригация бўлимларидаги мавжуд ички канал ва ариқларни бетонлаштириш бўйича зарур топшириқлар белгилаб берилди. Жойларда бўлиб ўтаётган семинарларда сув тежовчи технологияларни янада кенгроқ жорий этиш, бу борада мавжуд муаммоларни бартарф этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
-Бугун кунда вилоятда 12 минг километрдан зиёд ички канал ва ариқлар мавжуд бўлиб, вегетация мавсумига қадар салкам 1300 километр канал ва ариқларни бетонлаштириш режалаштирилган, -дейди ҳавза бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Қурбонов. Бу бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, амалётган татбиқ этилмоқда.
Айни кунларда Бўка, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Пискент туманларидаги ички канал ва ариқларни бетонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Биргина Пискент туманинг Дўстбеков, Навоий, Охунбобоев, Туркистон каби ҳудудларидан оқиб ўтувчи ички ариқларнинг салкам 52 километр қисми бетонлаштирилади.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот котиби