Бугун қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлашда гидротехник иншоотлар нақадар муҳимлигини ортиқча изоҳлашга хожат бўлмаса керак. Сувга талаб тобора ортиб бораётган бир пайтда гидротехник иншоотлардан самарали фойдаланиш, уларни замонавий технологиялар билан модернизация қилиш унданда муҳимдир.
“Тошкент”сув омбори вилоятнинг Бўка, Ўрта Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ ҳамда Оққўрғон туманларини сув билан таъминлаб келаётган муҳим гидротехник иншоот ҳисобланади. Бугун сув омбори энг замонавий технологиялар ёрдамида бошқарилмоқда. Бу жараён кўпчиликни қизиқтириши табиий, айниқса шу соҳада билим олаётган ёшларни.
Сув хўжалиги вазирлиги, Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети талабалари иштирокида уюштирилган экскурсия шу мақсадда ташкил этилди.
Тадбир Сув хўжалиги вазирининг ёшлар билан очиқ мулоқотида билдирилган таклифлардан келиб чиқиб уюштирилди. Шу кунларда барча вилоятларда сувчи ёшлар ва талабаларнинг йирик сув хўжалиги объектларига экскурсиялари уюштирилаётган бўлиб, мақсад уларни сувчилик касби билан яқиндан таништириш, соҳага меҳр уйғотишдир.
Учрашув доирасида «Сув омборлари сиғимини аниқлашда замонавий ускуналарни қўллаш» мавзусидаги семинар ҳам бўлиб ўтди. Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда замонавий ультратовушли ускуналар ва сунъий йўлдош маълумотларидан фойдаланган ҳолда сув омборларида ўлчаш ишларини олиб бориш ва уларнинг мазмун моҳияти ҳақида фикр алмашилди.
Жаҳонда сўнгги русумдаги, ўта юқори аниқлик ва тезликда ишлайдиган “Apache 3” учувчисиз гидрологик ускунасини ишлатиш амалий тарзда кўрсатиб берилди.
Ёш сувчилар ва талабаларга экскурсия манзур бўлди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот ҳизмати