Тошкент вилоятининг Бўка тумани сувга танқис бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда туманинг мавжуд 33,600 гектар суғориладиган майдонларда 600 нафардан зиёд фермер хўжалиги пахта, ғалла ва боғдорчилик билан шуғулланади. Шунингдек, туманда 27 та ҳудуд 42 та маҳалланинг сувга эхтиёжи ҳам баланд. Хуллас барчага сув тенг тақсимланиши керак. Сувга талаб эса йилдан - йилга ортиб бормоқда. Бу нафақат сувчилар балки барча қишлоқ хўжалиги ходимлари олдида турган энг долзарб ва маъсулиятли вазифадир.
Жорий йилнинг 17 февраль куни Бўка тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилиш ана шу масаланинг ечимига бағишланди.
Унда туман қишлоқ хўжалиги, Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, «Агробанк» АТБ ҳамда фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этди. Йиғилишда дастлаб давлатимиз раҳабарининг жорий йил 5 январда қабул қилинган «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг мазмун ва моҳияти тўғрисида тўхталиб ўтилди.
– Мазкур қарор ўз навбатида ҳам сув истеъмолчилари учун , ҳам ирригаторлар учун катта аҳамиятга эга, – дейди ҳавза бошқармаси биринчи ўринбосари Сардор Алимбеков. – Унда сувдан фойдаланиш, инновацион технологияларни жорий этиш бўйича бир қатор қулайликлар яратилган.
Мазкур ҳужжатда «Агробанк» АТБ томонидан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича шаффоф онлайн кредит ажратиш имконини берувчи «suvkredit.uz» электрон тизими ишлаб чиқилганлиги ҳамда 2024 йил 1 февралга қадар тўлиқ ишга туширилиши белгилаб қўйилган.
Йиғилишда мутахассислар «suvkredit.uz» электрон тизимининг жойларда амалётга татбиқ этилиши ва унинг аҳамияти тўғрисида тўхталиб ўтилди.Бу борада банк ходимлари амалёт бўйича керакли тавсияларни берди.
Йиғилишда, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, «сув -текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини янада кенг жорий қилиш галдаги долзарб масала эканлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, қарорга мувофиқ сув тежовчи технология ўрнатган фермерга давлат томонидан ажратилаётган имтиёз ва субсидиялар аҳамияти тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати